Исмим Абу Бакр, Политехника институтида ўқир эдим. Ҳамма нарсаларга қизиқишим кучли бўлсада, дунёқарашим бир нуқтага мустаҳкам боғланмаган эди. Хоҳлай-хоҳламай ноҳақлик, амалпарастлик, ҳасадгўйлик, хиёнаткорлик, макр-ҳийла, лаганбардорлик ва ёлғончилик каби иллатларга тўла жамият ичида яшашга мажбур эдим. Бир оз улар каби бўлмасанг, истиқомат қилиб бўлмас эди. Аммо бу қабоҳатларнинг ўрнини алмаштирадиган ахлоқ-хулқларни қанча изласамда топа олмас эдим. Ҳамиша мени “Қаердан келдик, нима учун келдик, наҳотки, ҳаёт яшаш учун интилишдангина иборат бўлса, унда нима маъно, ҳамма бирин-кетин дунёдан ўтиб кетяпди, ҳаётдан мақсад нима”, каби саволлар қийнаб келарди.
Ўзимни ўзим сўкдим, нега обрўйим тўкдим.
Ҳақни дедим-ку бироқ, ўзим юрдимми йироқ.
Аллоҳим, қилмагин хор, ўзингдан умидим бор.
Ҳаётда ўрним бўлса, қалбим иймонга тўлса.
каби шеърларни дафтарчамга битиб ҳам қўяр эдим.
Дадам бир кун ҳузурига чақирдида чуқур хўрсиниб олиб гап бошлади: “Ўғлим, мана икки йилдирки, уканг Абдураҳим Тошкентга савдо учун кетиб, дом-дараксиз йўқолган. Онанг билан маслаҳат қилдик, сенинг тўйингни укангсиз ҳам ўтказаверамиз. Не илож энди, эл нима деса дер”, деб кўзига ёш олди.
Уйландим, тўйдан сўнг хизмат қилган яқин қариндошлар бир уй бўлиб тўй таассуротларини гаплашиб ўтирган эдик, эшигимиз олдига бегона машина келиб тўхтадию болажонлар “Абдураҳим ака келдилар”, деб югуришиб келишди. Ҳаммамиз шошилиб кўчага чиқдик. Ҳайратдан ҳамма жим эди, укам анча улғайган, узун кўйлаги устидан кўк чопон кийган, чўнтагидан бир чўп чиқиб турар, бошида оқ дўппи, қоп-қора соқоли ўзига жуда ҳам ярашган, атиргулдай ҳид таратар эди. Ҳайбатидан унинг олдига бирор кимса яқин боришга журъат қилолмас, кимлардир унинг юкларини тушириш билан банд эди. Нигоҳи билан илиқ қараш қилганидан кейингина бирин-кетин сўраша бошладик.
Тўй ташвишида эркаклар билан аралашиб юрган аёллар аллақачон ўзларини четга олишган эди. Шу куниёқ бу воқеа қишлоққа тарқалди. У дадам икковимизга бошидан қандай савдолар ўтганини, Аллоҳ уни қандай ҳидоят этганини сўзлаб берди. Охирида: “Мен сизларни Аллоҳнинг азоби борлигидан огоҳлантиргани келдим”, деб қўшиб қўйди. Унинг овқатланишидан тортиб ўтиришигача буткул ўзгарган эди. Бизларга бегона бўлиб кетган “Астағфируллоҳ, субҳаналлоҳ, машааллоҳ”, каби сўзлар оғзидан тушмас эди. Дадам билан кўп таажжубда қолдик. У ўз сўзида қатъий, бир неча киши баҳс-мунозара қилса ҳам мулойимлик билан суҳбатдошини енгар эди. Ўн кунлар чамаси ўтди. Дадам қишлоғимиздаги муллани бошлаб келди. Мулла укам билан баҳс мавзусини охиригача етказмас, ёки бошқа масалага ўтиб кетар, кўп саволлар берар эди. Ниҳоят у отамга: “Ўғлингиздан тириклай ажралибсиз, у ота-онасидан кечса кечадики, бу йўлидан қайтмайди, мияси заҳарланибди, бошқаларни ҳам заҳарлайди”, дедию ўша кундан бошлаб баҳс ва мунозаралар таъна-маломат ва жанжалларга айланиб кетди. Бирортамиз унга ҳамфикр бўлмадик. Гўёки у бошқа оламда эдию, биз бошқа оламда эдик.
Хуллас, укамнинг келишидан кетиши осон бўлди. Тезда тараддудланиб йўлга чиқди. Отам менга: “Сен бориб у қайси босмачиларга қўшилганини билиб келасан”, деб пул бераётган эди, кутилмаганда қайлиғимнинг овози чиқиб қолди: “Икки йилдан бери зориқиб кутган фарзандларингизни ўн кун ҳам сиғдира олмадингиз, у бор ҳақиқатни айтяпдику, нега қабул қилмайсизлар. Гуноҳ ишлар қилиб юрган вақтида бирга эдингиз, уни соғиниб йиғлар эдингиз, энди тўғри йўлга чақирганида ундан юз ўгириб ҳайдайсизларми?!”, деб йиғлаб юбордида, уялиб уйга кириб кетди. Шунда отам: “Ҳай, ҳай келин, ҳали сиз ҳам отин ойи бўлиб намоз-памоз ўқиб юбормасангиз бўлгани”, деб маломат қилди. Қайлиғим аллақачон намоз ўқишни бошлаган, укамнинг гаплари таъсирида ўзгариб қолган эди.
Поездда кетиб борар эканмиз, укам жуда кам гапирар, ҳаракатлари, ахлоқ-одоби мен учун сирли туюлар, нима деса айтганини қилгим келарди. Наҳотки, институтни аъло баҳоларга ўқиб у билган нарсаларни тушуна олмасам. Укам баъзи йўловчилар билан худди қирқ йилги қадрдондай гаплашар, мен ўзимни унга яқин олиб суҳбатларини жон қулоғим билан эшитар эдим. Гаплари худди нишонга санчилган ўқдек миямда муҳрланиб қолар эди. У баъзан: “Ака, ниятингизни тўғрилаб олинг, сафаримиз Аллоҳнинг розилиги учун бўлсин, ҳақни билдиргин”, деб сўранг. Аллоҳ сизни ҳидоят этсин”, дер эди.
Тошкентга етиб борганимизда укам мени ўзига ўхшаганларга қўшиб “Ака, мен сизни уч кундан кейин топиб оламан”, деб кетиб қолди. Бизлар саккиз кишидан иборат жамоат эдик, сафар амиримиз жуда ҳам яхши одам экан, уч кун ўтди, ана энди мен ахтарган нарсамни топган эдим. Институтда ўқиб юрганимда бу нарсаларни ахлатхонанинг ичидан ахтариб юрган эканман. Ўйлаб юрган жумбоқларни сўрамасамда жавоблар ўзи келар эди. Яна ўн кунликка қолдим, кун сайин иймоннинг аввалги лаззатли дамларини сезар эдим. Намоз ўқишни билмасамда, саждада туриб кўп оромланар эдим. Биринчи бор “Аллоҳим”, деб кўзимга ёш олган кунларим бўлди. Наҳотки, ўзимни Яратган Зотни шу кунгача танимаган бўлсам, Росулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) олиб келган нарса тайёр ҳаёт дастури эканини шу кунгача билмаган бўлсам?! Намоз нима эканини ва унинг моҳиятини энди тушундим! Сафарим тугаб биродарлар билан хайрлашдим. Уларга муҳаббатим чексиз эди. Уйга қайтиб кетар эканман дафтарчамда янги сатрлар пайдо бўлган эди.
Иймон надир билмайсан, гар иймонинг бўлмаса,
Иймонинг ҳам суст бўлар, суннат амал қилмаса.
Тилга ҳақ сўз келмагайдур, қалбга ҳикмат тўлмаса,
Қалбга ҳикмат тўлмагайдир, нафс балоси ўлмаса.
Иймон билан олдинга юр, унда жаннат туради,
Ортга боқсанг жаҳолатда, қанча инсон юради.
Аллоҳни зикр қилгин, сен чиққин жаҳолатдан,
Жаҳолатда агар билсанг, Шайтон ҳукм суради.
Беш кунлик дунёни англадим мен ҳам,
Ҳақни топдим, энди бермасман ҳеч ҳам.
Дунё имтиҳондир, азиз дўстларим,
Бугун келдик эртага, кетармиз биз ҳам.
Аллоҳим менга Исломий оила берган эди. Онам, сингилларим ҳам эргашишди. Аммо дадам: “Сендан ҳам ажралдим шекилли”, деб сиқиларди. Менинг яқин оғайниларим-синфдошларим бўлиб, улардан ўн олти киши ўрта мактабни олтин медалга битирган эди. Улар тезда тушунсалар керак, деган орзу-умидларда эдим. Аммо акси бўлиб чиқди. Ҳақиқатни ҳикмат билан тушунтиришга қанча ҳаракат қилмайин, оқибати бошимга ҳар хил фитналар олиб келар эди. Улар наздида мен соқол қўйган мажнундай бўлиб қолган эдим.
Биродарим Ҳабибуллоҳ уйланадиган бўлди. Тўй қишлоғимизда ўтказилган суннатга мувофиқ биринчи тўй бўлиши билан бутун қишлоққа овоза бўлди. Қандай бўлар экан, дея тумонат одам тўпланди. Аксар кишилар соқол қўйган, узун кўйлак кийган ва исломий ахлоқ доирасидагилар эди. Қуда-андачилик, борди-келди, олди-бердилар ҳаммаси исломий бўлиб, қишлоғимиз халқи ўртасида ҳайратланарли даражада таассурот қолдирди.
Иймонли ёшлар кўпайиб борар, биз ўйламаган кишилар ҳидоят топганини эшитар эдик. Биродарлар билан ҳафтада бир учрашиб иймонлашиб турар ва қиладиган ишларимизни режалаштириб олар эдик.
Энди эса изимизга кофирларнинг жосуслари, ички ишлар ходимлари тушган, “Уйларидан наша, ўқ чиқди” туҳмати билан энг тақволи йигитлар қамалишди. Бир неча кунлаб ухлатмасдан сўроқ қилармиш, электр токи юборар эмиш, оёғидан осиб қўйиб қийнар эмиш, каби асосли хабарлар тарқади. Ҳатто айтишга одам уяладиган ишларни ҳам қилар эканлар. Мен ҳам ўзимни панага олиб, кўчага чиқа олмай қолдим.
Дадам билан ҳеч келиша олмас эдик. У бизларни уйдан ҳайдаб юборди. Махфий ҳолатда қайлиғим билан унинг Қирғизистондаги қариндошиникига кўчиб кетдик. Дадам бечора бизларни ҳайдаб юбориб ҳам қутулмаган, мелисалар келиб, “Ўғлингни топасан”, дея қийин-қистовга олишар, бир ёғда икки ўғлининг айрилиғи қийнар эди. Биз учун Қирғизистонда Исломга хизмат қила олмай ёки бирон савдо билан шуғуллана олмай беркиниб ўтириш зерикарли эди.
Олти ойлардан сўнг “Дадангиз ҳам ҳидоят топди, ибодатга кириб намоз ўқияпти, бидъат-маъсиятлардан қайтган, соқол қўйди, “Ўғилларим ҳақ экан, мен энди тушундим”, дея йиғисини одамлардан яшира олмаяпди. Аммо юрак хасталиги зиёдалашиб, соғлиги ёмонлашган”, деган хабарни эшитдиму, ўзимни қўярга жой топа олмай қолдим...
Қишлоғимиз ташқарисида яшайдиган яқин биродарим Абдулхолиқ келишилган вақтда уйида кутиб олди. У ерда дадам, онам, сингилларим ва ака-укаларим жам бўлиб туришган эди. Айтишларича, мени ички ишлар бўлимидан қуролланган кишилар келишиб, бир неча марта қидиришган, “Ўғлингни топасан”, деб дадамни қийин-қистовга олган ва менга яқин бўлган бир неча кишиларни сўроқ қилиб, ҳатто қамаб қўйишган. Ҳозирда қидирувда эканман. Бир-биримизни жуда ҳам соғинган бўлсакда, суҳбатимиз узоққа чўзилмади. Дадам: “Ўғлим, биз сендан розимиз, энди тезда кетгин, сени ҳимоя қила олмаймиз. Қамалган мусулмонлардан ҳали бирортаси қайтиб келгани йўқ. Қаерда бўлсанг ҳам омон бўлсанг бўлгани”, деб кўзига ёш олди. Ота-онам, болам, оилам, қариндошларим жамланиб, Ислом йўлида бир бўлганимизда энди уларни тарк қилиш мен учун жуда ҳам оғир эди. Ҳаммаларини бирин-кетин яхши кўриб кетар эдим. Бунинг устига шерикли тижорат билан Туркияга кетган биродаримни яна беш-олти кун кутишим керак эди. Нима қилишимни билмай, жигарларимдан кўзимни уза олмай турар эканман, агар ҳижрат қила олмай, кофирлар қўлига тушиб қолсам, ҳукмим нима бўлади, деб ўйлар эдим.
Шунда Аллоҳимнинг қуйидаги сўзлари:
"Айтинг: “Агар ота-оналарингиз, болаларингиз, ака-укаларингиз, жуфтларингиз, қариндош-уруғларингиз ва касб қилиб топган мол-дунёларингиз, касод бўлиб қолишидан қўрқадиган тижоратларингиз ҳамда яхши кўрадиган уй-жойларингиз сизларга Аллоҳдан, Унинг пайғамбаридан ва Унинг йўлида жиҳод қилишдан суюклироқ бўлса, у ҳолда то Аллоҳ ўз амрини (яъни, азобини) келтиргунича кутиб тураверинглар. Аллоҳ итоатсиз қавмни ҳидоят қилмас”, (“Тавба” сураси, 24-оят) сўзлари эсимга тушиб қўрқдимда, уларга: “Нима бўлса ҳам Аллоҳга таваккал қилдим, ҳозироқ кетаман”, дедим. Улар узундан-узоқ дуо қилишди. Сингилларим тилла буюмларини қўлларидан, қулоқларидан чиқариб, онамнинг қўлига бир ҳовуч қилиб беришди ва онам: “Ўғлим, ол буларни, оғир кунингга яраб қолар”, деб чўнтагимга солиб қўйди. Қайтаришнинг ўрни эмас эди. Қоғозга ўралган тиллаларни бир баҳона билан холамнинг чиқаверишда илинган чопони чўнтагига солиб қўйдим ва улар билан рози-ризочилик қилиб хайрлашдим. Шунда отамни охирги марта кўраётганимни билмаган эканман. Ҳовли ташқарисида хонадон эгаси биродарим Абдулхолиқ билан маҳкам қучоқлашиб хайрлашдик. Шунда унинг қулоғига астагина: “Тилла буюмларни холамнинг чопонининг чўнтагига солиб қўйдим”, деб айтиб қўйдим.
Ўзим якка сўқмоқ йўллардан юриб қишлоғимиздан узоқлашиб борар эканман, худди қайтиб келмайдигандек ортимга қарар эдим. Қишлоғимиз тепаликдан худди кафтдек кўринар эди.
Энди масала ҳал, Қирғизистонга борганим билан беркиниб ўтиришдан бошқа нарса эмас. Ҳа, билдим, кофирларга қарши қўлга қурол олиш керак, бошқа иложи қолмади. Динимиз ривожи учун ҳамма нарсанинг йўли тўсилди. Энди мен уларни ўлдираман, ёки улар мени ўлдиришади. Ёки мен ҳам уларни уйларидан ҳайдаб чиқараман, иншааллоҳ. “Эй Аллоҳим, мени мужоҳидлар билан бирга қилгин”, деб дуо қилиб борар эканман, шу пайтгача ечилган фикримдаги жумбоқларга қараганда яна бир неча баробар кўпи пайдо бўлган эди.
Аввал қаерга боришим керак, деган савол билан хаёлимни паришон қилиб юборди. Ёнимдан сафар харажатлари учун етарли пул ва бир неча адреслар ёзилган мактуб топиб олдим. Ҳа, бу ана шу дўстим Абдулхолиқнинг иши. Мен унинг қулоғига тилла омонатлар ҳақида айтганимда, у ҳам Аллоҳ учун холис вазифасини бажарган эди. (Кейин билишимча, у мужоҳидлардан бўлиб, ҳатто кофирларга қарши курашганлардан экан. Шунча қалин дўст бўла туриб, шу пайтгача менга бу ҳақда гапирмаган эди. У билан бир сафда туриб жанг қилган мужоҳидлар билан учрашганимда билдим).
Тошкент томонга йўл олдим. Мактубда кўрсатилган шаҳар марказидаги бинолардан бири хонадонининг қўнғироғини босар эканман, ҳамма ишларим туби кўринмаган номаълум эди. Уй эгаси хавотир ҳолда менга қарадию, “Ҳозир”, дея қайтиб кириб кетди. Бир неча дақиқадан сўнг “Кираверинг”, деган рухсат билан ичкарига кирдим. Не кўз билан кўрайки, у ерда уч йилдан бери кўрмаган укам қучоқ очиб кутиб турарди. Бир неча кишилар жамланган, улар орасида мужоҳидлар сафидан намоянда бўлиб келган Жалолиддин ака ҳам бор эди. Шу куни укамдан дадамнинг юрак хасталиги билан вафот этганини эшитдим.
Бир неча кун шаҳарма-шаҳар, қишлоқма-қишлоқ ҳар-хил автобусларда юриб, Тожикистоннинг Хўжанд шаҳрига етиб келдик. Ҳар шаҳар, қишлоқларда бизни тегишли кишилар кутиб олишар, йўлбошчилар бирлари иккинчиларига бизни омонат шаклида топширишар, бир-бирларидан керакли гаплардан бошқа ошиқча нарсалар ҳақида сўрашмас, кейингиси олдингисини танимас эди. Йўлдошларим Тошкент, Наманган, Хоразм, Навоий ва бошқа шаҳарлардан ҳижрат қилиб чиққанлар бўлиб, иймонлашиб тўймайдиган йигитлар эди.
Баланд қорли тоғлар этагига етиб келдик ва у ерда бир неча кун дам олдик, сафимизга яна муҳожирлар келиб қўшилиб, жами 21 киши бўлдик. Уларнинг ичида Ислом динимиз олимлари бўлиб, бундан ташқари олти киши олий, тўрт киши эса ўрта техник маълумотга эга эди.
Уй эгаси зиғир ёғида ош қилиб, дуо билан тоғлар орасига бизларни кузатиб қолди. Укам ҳам ўз вазифаси билан ортига қайтди.
Шаҳар шароитида ўсган болаларнинг юриши йўл баландлаб боргани сари оғирлашиб борар эди. Йўлбошчининг айтишига қараганда, уч кунлик йўлдан кейин мужоҳидлар сафига етиб боришимиз керак эди.
1998 йилнинг июн ойлари, тоғ манзараси шундай гўзал, дунёда бунақаси бўлмаса керак, деб юборар эдик. Осмоннинг қандай кўтариб, тоғларнинг қандай тиклаб, ернинг қандай ёйиб-текислаб қўйилгани кўз олдимизда эди. Ранг-баранг гуллар, дарахтлар, мусаффо ҳаво, зилол сувлар ва паррандалар овозига тўла табиат қўйнига кириб кетиб, баъзан қизил, баъзан кўк, баъзан сариқ гуллар билан қопланган гул майдонлардан ўтар эдик. Осмонга кўтарилаётган оппоқ сув буғига кўзимиз тушди. Тоғдан тўхтовсиз чиқаётган қайноқ сув тухум пишар даражада эди. Илиқроқ жойига бориб маза қилиб чўмилдик ва ой чиқишини кутдик.
Чунки зим-зиё қоронғида тоғу тошлар оралаб юришнинг имкони йўқ эди. Бир соат бўлса ҳам ортиқча туришимиз жуда ҳам хатарли бўлиб, бизларни кўриб қолган бегона киши кофирларга хабар бериб қўйиши мумкин эди. Соат 23 лар чамасида 20 кунлик ой ярқираб чиқди ва бизлар яна йўлга тушдик. Йўлимизда яна шунга ўхшаш бир неча булоқлар учради. Суви газланган Тошкент минерал сувидан ҳам афзал, яна бири эса суви таркибида темир моддаси бўлиб қирғоғи темир занглари билан ўралган эди. Биродаримиз доктор Абдуллоҳ: “Бу сувлардан ичинглар, жуда ҳам фойдали”, дея унинг таркибини бизларга сўзлаб берди. Тоғдан пастга оқаётган сой суви бутун борлиқ гўё ўзиникидай ҳайқирар, юқоридан пастга қараган киши юрагини беихтиёр ваҳима олар эди.
Сой ёқалаб кетиб борар эдик. Исломбек қоронғида жуда қалтис жойлардан, ҳатто эллик метрли жарликлар қирғоғидан ҳам қўрқмай юриб кетаверар эди. Биз уни зўр спортчи бўлса керак, деб ўйлабмиз. Кейин билсак, кўзи шомдан кейин яхши кўрмас экан. Бир маҳал жарликка тушиб кетди. Болишдай сумкаси тошдан-тошга урилиб, тез оқаётган ваҳимали сойда оқиб кетди. Ўзи эса Аллоҳнинг изни билан жарлик орасидан ўсиб чиққан дарахт илдизига илиниб омонат ҳолида осилиб қолган эди. Полвон Абдуллоҳ билан яна бир киши уни бир амаллаб тортиб олишди.
Шом намозига яқин йўлимиздан сой кўндаланг бўлиб чиқди. Кўприк ўрнига худди нарвон каби камбар қилиб майда ёғочларни арқон билан боғлаб ясалган осма кўприкнинг икки томони харсанг тошларга маҳкам боғланган эди. Сой суви кечга яқин кўпайиб осма кўприк устидан ошиб ўтар, кўприк ҳам шовқинли тўлқинлар билан бирга кетмоқчидай эргашар, диққат билан қараган кишининг боши айланар эди. Тўрт киши бир амаллаб намуна шаклида у қирғоққа ўтишди. Аммо акси бўлиб чиқиб, қолганлар юрак қилиб ўта олишмади ва эрталаб сув пасайганда ўтишга келишилди.
Ярим тунда табиатнинг ҳамма гўзаллиги осмонга кўчгандай бўларди. Коинот оламидаги миллиардларча чарақлаган юлдузларга қараганда еримиз денгиз соҳилидаги бир дона қум мисоли эди. Худди сеҳрлангандай самога қанча қараб турмайлик, бирор нуқсон топа олмай, кўзимиз чарчаб, яна ўзимизга қайтар эди. Роббимиз табиатни шундай тартиб билан яратганки, аввал бунақаси бўлган эмас, яратганда ҳам бирор-бир нарсадан нусха олмаган, юлдузлар мувозанати, муаллақ туриши, учар юлдузлар, агар Аллоҳнинг шериги бўлганда эди, бу нарсалар айқаш-уйқаш бўлиб кетар эди. Шубҳасиз,...
Аллоҳ яккаю ягона Зот. Наҳотки, қиёматнинг даҳшатидан ана шу юлдузлар тўкилиб тушса, наҳотки, бу тоғлар титилган юнг каби тўзиб кетса, қуёшни ўраб бир четга олиб қўйилсаю, денгизлар тандир каби қиздирилиб, сув ўрнига олов билан тўлса, осмон қизигандан қизил лола рангига кирса, ҳа, албатта, инсонлар тирилтирилиб, қилган амалларидан сўралади, юртимиздан қувиб чиқарган мана бу золимлардан ҳам албатта сўралади.
Йўл машаққати қийинлашгандан қийинлашиб борар эди. Амиримиз баланд қорли тоғларга ишора қилиб: “Йўл энди бошланади, йўл оғир, абадий музликлар бор, агар соғлиги йўлга ярамайдиганлар бўлса, ҳали ҳам кеч эмас, қолинглар, чунки бир кишининг бетоблиги кўпчиликни қийнаб қўяди”, дея тушунтирди. Мўйсафидимиз йўлбошчи билан ортига қайтди. Шунда орамизда заифроқ бўлган Иброҳим биродаримиз: “Ана шу тоғлар ортида мужоҳидлар бор экан, таваккал қилдим, иншааллоҳ, жиҳод қиламан, у томондан жаннат ҳиди келаётгандай бўляпти”, деб қўйди.
Уч кун ҳам ўтди, овқатимиздан ҳеч нарса қолмади, йўлимизнинг охири кўринмас, олд томонда ҳам, ортимизда ҳам оппоқ қор, қалинлигини билиб бўлмас эди. Шунча оғирликдаги қор ва музлар осмондан тушгани не чоғли ажабланарли, ҳа Аллоҳнинг мулкидаги ҳақиқий сув омборлар фақат тўнтариб ясалган.
Қор қалинлиги туфайли тоғлар шакли ўзгарганлигидан йўлбошчимиз йўлни йўқотганини айтди. Биродарлардан хижолат бўлиб минг афсуслар қилар эди. Энди фақат тахминлар асосида йўл юришга мажбур эдик. Мўлжалга олиш учун бирор бир нишона йўқ, худди дунёни қор босгандек ҳаммаёқ оппоқ, кўзни қамаштирар эди. Осмонни қалин булут қоплаган, шу сабаб кечаси юлдузлар, кундузи қуёшни кўриб билиб бўлмас эди. Очликдан болаларнинг силласи қуриган, бир баландликдан яхши умидлар билан ўтсак, рўпарамиздан ундан ҳам каттаси чиқар эди. Ниҳоят, музли тоғлар бошланди. Катта-катта муз ҳовузлардаги сувлар музариқлардан оқиб кетар, сув ювиб ялтиратиб қўйган жойларда киши бемалол ўз аксини кўриб таниса бўлар эди. Муз ғорларга кирдик, остимизу ёнимиз биллур ойналар каби, шифти тўла катта-кичик муз қандиллар, учида сув томчилари камалак каби товланар эди. Во ажабо! Рангсиз музлардан ҳам шундай гўзал нарсалар пайдо бўлар экан. Пастликлар давомида одам сиғадиган муз ёриқлар бор бўлиб, ичи қоронғи, тубини билиб бўлмас, муз парчасини ташлаган эдик, сассиз-садосиз ер қарига сингиб кетди. Қор қалин ёққан жойларда муз ёриқлар устини юпқа қор беркитиб, жуда ҳам хатарли бўлиб қолар экан. Олинган 30 метрли арқонни бир-биримизга боғлаб олдик. Айтишларича, музнинг қалинлиги 300 метргача эди. Кечасию кундузи йўл юришга мажбур эдик. Акс ҳолда биз ҳам ана шу музларга айланиб кетишимиз ҳеч гап эмас эди. Кечаси билан ёғаётган қор кундузлари ҳўл қорга айланар эди. Ҳўл бўлмаган жойимиз қолмади. Ортиқча нарсаларни ташлаб юбордик. Ҳаракатимиз туфайли танамиздан чиқаётган ҳароратгина Аллоҳнинг изни билан музлаб қолишимиздан сақлар эди. Қаёққа кетаётганимиз яратган Зотдан бошқа ҳеч кимга маълум эмасди.
Тоғдан ошиб ўтган жойимизда бир оз бўлсада кўкаламзор текислик бор экан. Биродарлар ҳар хил ўтлар ёки дарахт илдизларини топиб келиб бир-бирларига кўрсатиб, унисидан-бунисидан еб кўришар эди. Али биродаримиз, бу ёққа келинглар, дея чақираётганини кўриб ҳаммамиз ниманингдир умидида унинг олдига бордик. У ерда шундай катта харсангтош бор эдики, унинг остига ўн беш-йигирма киши сиғар, фақат бир томони очиқ худди уй каби, унинг остида оз бўлсада бош эгиб юрса бўлар эди.
Ҳаммамиз давра қуриб ўтирдик. Кимдир гугуртини олиб қоғоз парчасини ёққан эди, бошқалар қуруқ кийимларини оловга ташлаб ёқа бошлашди, хонамиз бир оз бўлсада илиди. Ҳатто кимдир консерва қути топиб келди ва унда бир оз қора чой дамлаб ичдик. Бир-биримизга суяниб дам олдик. Гўё абадий уйқуга кетгандай. Шунда амиримиз Бахтиёр ўрнидан турдида: “Ҳамма турсин, юрасизлар, бўлмаса ҳаммамиз музлаб қоламиз, ҳали биз кўп ишлар қилишимиз керак”. “Туринглар, бундай ўтириш ўлимга рози бўлиш-ку ахир”, дея уйғота бошлади. Фақат уч-тўрт кишигина турди, шунда у турмаганларни бирин-кетин туртиб-туртиб турғазди. Яна қорли тоғларга кўтарилиб борар эканмиз латта ҳиди ҳали ҳам димоғимиздан кетмас, кийимларимизга ўрнашиб олгандай эди.
Биродарлар бир-бирига далда бериб, Роббимизнинг азамати, қудрати ҳақида гапиришар, бизлар катта синовда эканимизни эслатишар, баъзан ҳамма ўзи билан ўзи овора бўлиб қолар эди. Ортга қайтиш ҳалокат билан баробар эди. Олдинга бориш билан қаерга етиб боришимиз номаълумлиги биродарларнинг руҳиятини тушириб юборган эди. Фақат биродаримиз Сайид Аббос қийналиб қолганларнинг юкини кўтариб ёрдам берар, ҳатто баъзан ҳушидан кетганларни елкасида кўтариб юрар, Аллоҳ унга ўз фазлидан паҳлавонлардай куч-қувват ато этган бўлиб, уни ўз ўрнида биродарлари учун эҳсон қилар эди.
Бешинчи кун юришга мажолимиз қолмади, тўхтаб ҳаммамиз жамландик, ҳеч ким бирор гап гапирмас, фақат бир биримизга суяниб дам олдик, оғзимиздан чиққан ҳовур муз бўлиб соқол-мўйловимизга ёпишган эди. Баъзилар уйқуга кетган, ухлаганда ҳам қор, ёмғир, совуққа бепарволик билан худди ҳамма нарсани бой бергандай бўлиб қолишган эди. Ҳеч кимнинг юришга тоқати қолмаган, ҳатто ухлаб музлаб қолишга рози бўлганлар ҳам бор эди. “Эй Роббим, жонимизни олсанг ҳам сенинг йўлингда юриб турган ҳолимизда олгин”, деб дуо қилишар эди. Ёмғир аралаш ҳўл қор тўхтамай ёғар, устларимиздаги либосларимизу оёқ кийимларимиз сувга тўлиб, оғирлашиб қолган эди.
Оёғимиз ҳўл пойафзал ичида оқ ем бўлиб кетганидан совуқ жуда ҳам тез ўтар эди. Хулоса қилиб айтганда, Роббимиз кучига ишонганнинг кучини, тажрибасига ишонганнинг тажрибасини, маҳоратлиман деганнинг маҳоратини, сабрлиман деганнинг сабрини, ақллиман деганнинг ақлини олиб, ёлғиз Ўзига боғлаган эди. Имтиҳон совуқ, очлик, чарчоқ, қувватсизлик ва бошқа машаққатлар билан келган эди. Мен эса: “Наҳотки, мана шу қорли тоғлар орасида жон олувчи фаришта билан учрашсам, Роббим шаҳидлар қаторида қабул қилармикан, савобим қанчаю, гуноҳим қанча, гуноҳларим кечирилармикан”, деган хаёллар билан эдим. Мадоримиз йўқлигидан намозларимизни фақат кўз ишораси билангина ўқиб олар эдик. Қувватли биродарлар тезлаб кетаверсин, етиб бориб бирор чора топиб, ёрдамга келсин, деган маслаҳат бўлган эди.
Тўрт гуруҳга бўлиндик. Мен учинчи гуруҳда эдим. Тоқатим етмаганидан тўртинчи гуруҳга қўшилдим. Бу гуруҳнинг ўзи ҳам тўртга бўлинди. Йиқилиб қолганларни суяб турғазиш учун икки-уч киши овора бўлар эди. Шом намозига яқин олдимиздан баланд, оппоқ қор билан қопланган довон чиқди. Олдинлаб кетганлар чумолидай кўриниб, ўтиб кетишар эди. Йўлбошчимиз, “Қор кўп ёққанидан тоғларнинг шакли ўзгариб кетибди, ҳеч билолмаяпман”, деб ачинар эди. Довоннинг ярмига кўтарилганимизда Иброҳим: “Сизлар кетаверинглар, сизлардан розиман, мендан ҳам рози бўлинглар”, деди. У яна: “Менга тегманглар, кетаверинглар”, маъносида бош қимирлатар, унда ўлимга таслим бўлиш аломати пайдо бўлган эди. Биз ҳам худди шундай нарсани кутиб тургандай, унинг тутган йўлига рози бўлиб, шаҳодат онлари яқинлигини ҳис қилар эдик. Шаҳодат келса ёки биродарлар қайтиб келиб бизни топса, яхшиси, тўп-тўп бўлиб қолайлик, дея қулайроқ жойни қидириб қолган эдик.
Қоронғи тушгани ва сурункали ёғаётган қор туфайли олдинлаб кетган болаларнинг изини ҳам йўқотдик. Иброҳимнинг ёнига орқадан яна бир неча киши келиб қўшилди ва чамаси етти киши бўлиб ўтирардик. У васият қилиб “Хотиним ва қизим бор, агар шаҳид бўлсам бирорталарингиз хотинимни никоҳларингизга олинглар, улар кофирлар ичида хор бўлмасин”, дер эди. Мадори йўқлигидан баъзилар ёғаётган ёмғир суви остидан оқиб ўтаётганига ҳам парво қилмай уйқуга кетган эди. Тун ярмида оқар сув камайиб совуқ кучая бошлади. Устки либосларимиз музлаб қотиб қолган. Энди оёқ-қўлимиз музлай бошлаганини сезардик.
Орамизда тоғда ўсиб, овчилик билан кун кечирган катта ёшли Тожиддин ака бор эди. У ўрнидан турдида: “Бу ўтиришда саҳаргача бирортамиз тирик қолмаймиз, туринглар кетамиз”, дер, аммо ҳеч ким қимирламас эди. Шунда у “Аллоҳу Акбар, Аллоҳу Акбар”, дея болаларни ура бошлади. Биродаримиз Абдуллоҳ ҳам турдида Раҳматуллоҳни урар, шунда ҳам у уйғонмас, ҳатто лабидан қон оқсада парво қилмас эди. Тожиддин ака: “Нима ўлгиларинг келяптими, ўлсаларинг ҳам юрган ҳолатда ўлларинг, турларинг кетамиз, Аллоҳу Акбар”, дея кўзидан ёш қуйилар, “Мен биламан, мана шу охирги тепалик, у ёғида қор йўқ, ишонаверинглар, юринглар кетдик, юринглар”, дея олдимизга тушди. Сафар амиримиз Бахтиёр ҳам: “Қани туринглар, кетамиз”, дея ўрнидан турди. Биродаримиз Аҳмаднинг ўнг оёғи шишиб, шимига тиқилиб қолган, у фақат эмаклаб ишламай қолган оёғини судраб юрар эди. Бизлар заиф, титроқ овозда бўлса ҳам “Аллоҳу Акбар, Аллоҳу Акбар”, дея уларга эргашдик. Қорли довоннинг охири жуда ҳам тикка экан, ҳатто эмаклаб, тирмашиб чиқар эдик. Қорга тиқиб тирмашаёган қўлимиз совуқни сезмас, ҳар ким ҳар жойда, қуввати етганича, жуда секинлик билан бўлсада кўтарилиб борар эди. Кейин қолган олдин кетган билан, олдин кетган кейин қолган билан иши йўқ эди. Довоннинг юқорисига чиққанимизда ҳақиқатдан ҳам у ёғи тикка пастлик бўлиб, тоғлар кўринмас эди.
Бомдодга яқин қоронғу бўлганидан узоқни кўриб бўлмас, юқорига чиқишдан пастга тушиш мушкилроқ эди. Музлаган кийимлар билан юра олмай сирғаниб бирин-кетин қорга аралашиб, думалаб, пастга тушиб кетдик. Қулаганлар икки-уч юз метр масофага бориб тўхтар эди. Етиб борган жойларида тура олмай қолиб кетишар, мен ҳам ўзим борлигимни билсамда миям аласт-аласт ишлар, бошқа аъзоларим ҳаракатдан тўхтаган, биродарим Иброҳим эса довоннинг у ёғида қолиб кетган эди…
Қуёш чиқди, узоқдан дарахтлар, далалар кўрина бошлади. Кейин нима бўлганини биродарлардан сўраб билиб олдим. Ёрдамга етиб келган мужоҳидлар бизни уч кун давомида битта-битта излаб топиб олиб кетишган экан. Охирги куни ҳаммалари фақат Иброҳимни излашган, у ерларда айиқлар изи кўплигини кўриб, ундан умидларини узиб қайтишаётганларида Абдуллоҳ биродаримиз: “Мен унинг ўлигини бўлса ҳам топмагунимча кетмайман”, деб довоннинг у тарафига ўтиб, Иброҳимни топади. Сафаримизнинг ўнинчи куни, у фақат кўзини очиб-ёпа олади холос. Гапириш ва эшитиш қобилиятини йўқотган экан. Навбатма-навбат опичлаб, йўлга тушишади. Мужоҳидлар турар жойига икки чақиримгина қолган эди. Навбат Муҳаммад Олимга келганида у сирғаниб йиқилади. Ҳаммалари унинг устидаги Иброҳимни ушлаб қолишади. Аммо у энди бу фоний дунё билан хайрлашган, жамоатимиздан Роббимиз танлаб олган биринчи шаҳид эди. Очилиб қолган жағини бошига тортиб боғланган ҳолда олиб келишди ва шу куниёқ қиёматгача абадий бўлган масканига олиб бориб қўйишди. Энди у бу дунё машаққатларидан бутунлай қутулган эди. Ҳаммамиз сидқидилдан унинг ҳақига дуо қилдик. Бизлар Тавилдара, Ҳоит ва бошқа минтақаларни эгаллаган мужоҳидлар сафига келган эдик.
ХОТИРАЛАР
Мен Иброҳим биродаримни эслаганимда “Ана шу тоғлар ортида мужоҳидлар бор экан, таваккал қилдим, иншааллоҳ, жиҳод қиламан, у томондан жаннатнинг ҳиди келаётгандай бўляпти”, деган ҳолати кўз ўнгимдан кетмайди.
Биродарим Абдуллоҳ эслайди: “Бир томонимиз тикка тоғ, бир томонимиз жарлик эди. Фақатгина бир қатор бўлиб юра олар эдик, холос. Тўртинчи куни. Ҳамма чарчаган, очлик авжида, мудроқ аралаш юрар эдик. Орқамдан кимдир елкамга туртиб бир бурда нон узатди, унинг ким эканлигини билишга қарагани тоқатим етмай, эътибор бермадим, нон юмшоқ ва мазали эди. Бу ҳақида жабҳага келганимиздан кейин бир неча кундан кейин эсладим, “Тоғлар орасида юмшоқ нон қаёқдану у киши ким эди”. Бу воқеа ҳақида бошқа биродарлардан сўрадим, улар; “Ҳа бизларга ҳам берган эди у ким экан-а”, дея ажабланишди. Шу пайтгача бу воқеа сирли равишда қолмоқда.
Охирги довонни ошиб ўтганимдан сўнг, пастликка думалаб бориб тўхтаган жойимда танамга иссиқ ҳарорат кирди, ҳатто кийимларимни ечиб ташламоқчи бўлдим. Бир амаллаб қорсиз жойгача етиб олдим. Муздек қор суви оқиб ўтаётган ариққа оёғимни солиб ўтириб, қалпоғимга сув тўлдириб бошимдан, елкамдан қуйиб истироҳатланиб, оҳиста чўзилиб ётиб ором олдим. Қанча вақт ўтди, билмайман, икки қуролланган мужоҳид туртиб уйғотишганда зўрға ўзимга келдим. Улар дарров мени ўтқазиб олдимга печине қўйишди. У пайтда менинг учун энг зарур нарса шу печине эди. Ўша чўзилиб ётган пайтимдаги туйган истироҳатни кейинги ҳаётимда ҳеч учратмадим.
Биродарим Абдулмажид эслайди: “Бизларни излаб борганлар уч тўрт-марта олдимдан мени кўрмай ўтиб кетишар эди. Улар мени эмас, мен уларни топиб, тош орқасидан қараб турар эдиму борлигимни билдириб овоз чиқаришга мажолим етмас эди. Мабодо, топа олмай кетиб қолишмасайди, деган қўрқувда эдим, қўрққан нарсам бўлди. Ташлаб кетишди. Кечаси айиқлар келиб шундоққина рўпарамда ўтириб мени емай, улар ҳам ташлаб кетишди. Мужоҳидлар эртасига келиб, топиб олиб кетишди.
Ёрдамга етиб борган мужоҳид Расулхон эслайди: “Биродарларимиз Аҳмадни ва Раҳматуллоҳнинг қўл-оёқлари ҳаракатсиз бўлганлиги учун беш ўн метргагина кўтариб олиб бора олар эдик, холос. Давомли юриш жуда ҳам мушкул ва қийин эди. Далада ўтлаб юрган бир гала эгар жабдуқсиз отларга кўзимиз тушди. Шунда уларга: “Қайсинг Аллоҳ учун хизмат қиламан десанг, кел бу ёққа”, деган эдим, улардан бири астагина олдимизга келиб тўхтади. Отларга бир оз ўт бериб ардоқладик-да у икки биродарларимизни ўтқазиб машинамиз кутиб турган жойгача етиб олдик.
Мужоҳид Саиджон эслайди: “Биродарларни топиб олиб кетар эканмиз, ҳаммаларининг оғзиларидан сут-қаймоқнинг ҳиди келарди”. Бахтиёр акадан сўрадим. “Ҳаммаларингизнинг оғзиларингиздан сутнинг ҳиди келяпди, ака, қаерда сут ичдинглар?”. Шунда Бахтиёр: “Сут ичмадигу, она сутимиз оғзимизга келган бўлса керак”, деб жавоб берган эди.


